Сайловга оид низолар бўйича суднинг ҳал қилув қарори ва унинг ижроси.

Сайловга оид низолар бўйича суднинг ҳал қилув қарори ва унинг ижроси.
Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисида”ги Кодексига мувофиқ сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.
Шикоят суд томонидан аризачини ва тегишли сайлов комиссиясининг вакилини, шунингдек, прокурорни, агар шикоят аризачига эмас, балки бошқа фуқарога дахлдор бўлса, ўша шахсни ҳам чақирган ҳолда кўриб чиқилади. Бу шахсларнинг келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.
Суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши биланоқ дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига топширилади.
Юқоридаги кодексда сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятларни суд мажлисида алоҳида тартибда кўриб чиқилиши белгиланмаганлиги сабабли мазкур турдаги низолар кодексда белгиланганидек умумий тартибда кўриб чиқилади.
Яъни, иш муҳокамаси суд мажлисида амалга оширилади. Суднинг мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин. Суд ташаббусига кўра ёки маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг илтимосномасига кўра суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилиши мумкин.
Маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчилари ва суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдлар қилиш, стенограмма юритиш ва овоз ёзиб олиш ҳуқуқига эга. Суд мажлисининг фототасвирига, видеоёзувига, шунингдек радио ва телевидение орқали трансляция қилинишига ишни кўраётган суднинг рухсати билан йўл қўйилади.
Худди шундай, Кодексда судда кўриб чиқилган сайлов тўғрисидаги низолар бўйича хал қилув қарори қабул қилишда алоҳида тартиб белгиланмаганлиги сабабли ушбу турдаги низолар бўйича ҳал қилув қарорлари ҳам умумий тартибда кўриб чиқилади.
Суд ишни мазмунан кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини қабул қилади.
Суд ҳал қилув қарорини Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилади.
Суднинг ҳал қилув қарори суд муҳокамаси тугаганидан кейин қабул қилинади.
Суднинг ҳал қилув қарори қонуний ва асослантирилган бўлиши керак. У суд мажлисида текширилган далилларгагина асосланган бўлиши мумкин.
Суднинг ҳал қилув қарори алоҳида хонада (маслаҳатхонада) қабул қилинади.
Иш ҳайъатда кўриб чиқилаётганда ҳал қилув қарори судьялар маслаҳати сирини сақлаш таъминланадиган шароитларда, суд мажлисида иштирок этаётган судьялар томонидан кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Суд ҳал қилув қарорини қабул қилаётган маслаҳатхонада фақат ишни кўриб чиқаётган суд таркибига кирадиган судьялар бўлиши мумкин. Ушбу хонага бошқа шахсларнинг кириши, шунингдек суд таркибига кирмайдиган шахслар билан мулоқотда бўлишнинг бошқа усуллари тақиқланади.
Судьялар ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғидаги муҳокама мазмуни тўғрисидаги, суд таркибига кирган айрим судьяларнинг нуқтаи назари ҳақидаги маълумотларни бирор-бир шахсга хабар қилишга, судьялар маслаҳати сирини бошқа усулда ошкор қилишга ҳақли эмас.
Зарур бўлган ҳолларда, суд дастлабки ҳимоя чораларини сақлаб қолиш ёки бекор қилиш, ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш, ҳал қилув қарорини ижро этишнинг тартиби ва муддати, ашёвий далилларнинг кейинги тақдири; суд харажатларини тақсимлаш билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни ҳам ҳал қилади.
Суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда далилларни қўшимча текшириш ёки иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлашни давом эттиришни зарур деб топса, суд муҳокамасини янгидан бошлайди, бу ҳақда ажрим чиқаради. Бундай ҳолда суд муҳокамаси фақат қўшимча текшириш эҳтиёжи бўлган ҳолатлар доирасида олиб борилади.
Ҳал қилув қарори суд мажлисида раислик қилувчи ёки ишни кўраётган суд таркибининг бошқа судьялари томонидан алоҳида ҳужжат тарзида ёзма шаклда тузилади.
Ҳал қилув қарори судья томонидан имзоланади, иш ҳайъат томонидан кўрилган тақдирда эса, ҳал қилув қарорини қабул қилишда иштирок этган барча судьялар, шу жумладан алоҳида фикрга эга бўлган судьялар томонидан имзоланади. Ҳал қилув қарори бир нусхада тузилади ва ишга қўшиб қўйилади.
Суднинг ҳал қилув қарори кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.
Ҳал қилув қарорининг кириш қисмида ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи; суд таркиби, суд мажлиси котиби; иш рақами, ҳал қилув қарори қабул қилинган сана ва жой; талаб предмети; ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек уларнинг вакиллари ва суд процессининг бошқа иштирокчилари кўрсатилади. Ҳал қилув қарорининг баён қисмида ишда иштирок этувчи шахсларнинг арз қилинган талаблари ва эътирозлари, тушунтиришлари, аризалари ва илтимосномаларининг қисқача баёни бўлиши керак.
Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида ишнинг суд томонидан аниқланган ҳақиқий ҳолатлари, суднинг иш ҳолатлари тўғрисидаги хулосалари асосланган далиллар, суднинг у ёки бу далилларни рад қилганлигининг, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важларини қабул қилганлигининг ёки рад этганлигининг асослари акс эттирилса, 
ҳал қилув қарорини қабул қилишда суд амал қилган қонун ҳужжатлари ҳамда суд ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қонун ҳужжатларини қўлламаганлигининг асослари кўрсатилиши керак.
Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорларига ҳаволалар кўрсатилиши мумкин. 
Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида арз қилинган талаблардан ҳар бирини тўлиқ ёки қисман қаноатлантириш ҳақидаги ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги хулосалар бўлиши керак.
Агар суд ҳал қилув қарорини ижро этиш тартибини белгилаган ёки унинг ижросини таъминлаш чораларини қабул қилган бўлса, бу ҳақда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида кўрсатилади.
Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида суд харажатларини ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида тақсимлаш, ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) муддати ва тартиби кўрсатилади.
Кодексга мувофиқ ҳал қилув қарори қабул қилинганидан кейин суднинг ҳаракатлари қуйидагилардан иборат бўлади.
Суднинг ҳал қилув қарори суд раислик қилувчи томонидан муҳокамаси тугалланган суд мажлисининг ўзида ўқиб эшиттирилади.
Суд муҳокамаси тугалланган суд мажлисида қабул қилинган ҳал қилув қарорининг фақат хулоса қисми ўқиб эшиттирилади.
Ҳал қилув қарорининг ўқиб эшиттириладиган хулоса қисми ҳал қилув қарорини қабул қилишда иштирок этган барча судьялар томонидан имзоланиши ва ишга қўшиб қўйилиши керак. Ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда тузиш ва имзолаш беш кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирилиши мумкин.
Суд мажлисида раислик қилувчи ҳал қилув қарори ўқиб эшиттирилганидан кейин ишда иштирок этувчи шахслар асослантирилган ҳал қилув қарори билан қачон танишишлари мумкинлиги, уни ишда иштирок этувчи шахсларга юбориш тартибини, шунингдек ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) тартибини тушунтириб беради.
Ҳал қилув қарори ноаниқ бўлган тақдирда, ишни ҳал қилган суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига, шунингдек суд ҳал қилув қарорининг ижроси ўз зиммасига юклатилган органлар ва давлат ижрочисининг аризасига кўра ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтиришга ҳақли. Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахсларни, давлат ижрочисини ёки суд ҳужжатини ижро этиш зиммасига юклатилган бошқа хабардор қилган ҳолда суд мажлисида кўрилади. Бироқ мазкур шахсларнинг келмаганлиги аризани кўришга тўсқинлик қилмайди. Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги ариза у берилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда кўриб чиқилади. Ҳал қилув қарорини тушунтириш ҳақида ёки тушунтиришни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.
Ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.
 
Урганч туманлараро маъмурий 
суди судьяси                                                                                  Б.Т.Самиев
 

Xorazm viloyati Yuridik Texnikumi

Bog'lanish ma'lumotlari

O'zbekiston Respublikasi, Xorazm viloyati
Urganch tumani, Fayozov ko'chasi, 1-uy

+998 (62) 229-28-35
xoryuridiktexnikum@umail.uz

Dushanba – Juma / 9:00 – 18:00

Ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarimiz

Talabalar uchun resurslar

Ommabop xabarlar

Yangi tahrirdagi O‘zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasining mazmun-mohiyati va Konstitutsiyani to‘g‘ridan to‘g‘ri qo‘llash, uni amalga oshirilgan ishlari.
"Yilning eng faol o‘quvchisi" tanlovining texnikum bosqichi bo'lib o'tdi.
"IDROK" - INTELLEKTUAL O'YININING TEXNIKUM BOSQICHI!
Sud qarorlari ustidan shikoyat berishning yangi tartibi