Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида маъмурий суд ишларини юритиш бўйича биринчи инстанция судлар томонидан чиқариладиган суд ҳужжатларининг тушунчаси, ҳуқуқий асослари

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида маъмурий суд ишларини юритиш бўйича биринчи инстанция судлар томонидан чиқариладиган суд ҳужжатларининг тушунчаси, ҳуқуқий асослари
 
Айни вақтда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, бугунги кунда жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бораётгани давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришни тақозо этмоқда. 
Ҳаракатлар стратегиясида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш кўрсатиб ўтилди. 
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармонига биноан эса, суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигига эришиш, аҳоли тинчлиги, хавфсизлигини ва қонунийликни таъминлаш белгилаб берилди.
         Ўзбекистон Республикаси Президентнинг “Мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепсияси” маърузасида давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасида самарали назорат ва мувозанат тизимини яратиш, давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи тузилмалар фаолиятида қонун устуворлигини таъминлашнинг самарали механизмларини яратиш вазифалари белгилаб берилган. 
Маъмурий судларга тааллуқли маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тўғрисида аниқ тушунчаларни ҳосил қилиш учун, биринчи галда, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, фуқаролик ишлари бўйича судлар, иқтисодий судлар ва ҳарбий судларга тааллуқли ишларни ажратиб олиш керак. Бунда суд ҳужжатларининг ўрни жуда муҳимдир. 
Шунингдек, маъмурий судлар томонидан чиқариладиган ҳар бир суд ҳужжати Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг белгиланган талабларига тўлиқ жавоб бериши, тушунарли ва равон бўлиши, қонун ҳужжатлари билан тўлиқ асослантирилган ҳолда тузилиши лозим. Чунки тузилган суд ҳужжатлари МСИЮтКда белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги, тушунарсизлиги ёки етарли даражада асослантирилмаганлиги уни ижро этилишининг қийинлашишига, уни турлича талқин этилишига, бундан ташқари юқори инстанция судлари томонидан бекор қилинишига (ўзгартилишига) сабаб бўлади, бу эса албатта ушбу ҳужжатни қабул қилган суднинг нуфузига салбий таъсир қилиб, келгусида фуқаролар орасида суд идораларига нисбатан ишончсизлик хисси пайдо бўлади. 
Юқоридаги ҳолатлар маъмурий суд ишлари институтини комплекс ўрганиш, маъмурий суд ишларини юритишда суд ҳужжатлари билан боғлиқ бўлган мавжуд муаммоларни ҳал этишнинг илмий-назарий восита ва усулларини ишлаб чиқиш ва амалий кўникмаларни шакллантириш заруратининг мавжудлигидан далолат беради.
Маъмурий суд ишлари бўйича суд ҳужжатлари, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, суд ажрими ва бошқа процессуал ҳужжатлар ҳамда ушбу соҳага тегишли бўлган билимлардан фойдаланиш яъни маъмурий суд процесси фаолиятини ва аҳамиятини аниқлаш ҳамда маъмурий ишларни ўтказиш механизмини такомиллаштириш, маъмурий суд ишларини юритишда суд ҳужжатлари билан боғлиқ амалга ошириш талаб қилинган ҳаракатлар, маъмурий суд ҳужжатларига қўйилган талаблар, хорижий мамлакатлар қонунчилигида маъмурий суд ҳужжатлари билан боғлиқ нормаларни қиёсий таҳлил ва тадқиқ қилиш орқали илмий асослантирилган назарий хулосалар, амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.
Мамлакатимизда амалга оширилиб келинаётган суд ислоҳотлари ва унинг мақсад ва натижалари мустақил ҳокимият тармоғи бўлган суд ҳокимияти органи - судлар томонидан қабул қилинадиган юридик ҳужжатларга эътиборни кучайтиради, уларнинг аҳамиятини оширади. Бу ҳолат ҳам суд ҳужжатларини тадқиқ этиш зарурлигини тақозо этувчи омиллар сирасига киради. 
Суд ҳужжатлари ҳуқуқни қўллаш ҳужжатларининг мухим бир тури хисобланади. Шу боис, унга нисбатан ҳам ҳуқуқни қўллаш ҳужжатларига қўйилган талабларнинг барчаси қаратилади. Боз устига, айнан суд ҳужжатларига қўйиладиган яна бошка талаблар ҳам мавжудки, булар мазкур тоифа ҳужжатларининг мазмун ва моҳиятидан келиб чикади. 
Суд ҳужжатларининг ҳуқуқий тартибга солиш механизмида тутган ўрни масаласини тадқиқ этишда, дастлаб, “Суд ҳужжатлари кандай ҳужжат?” деган саволга жавоб беришимиз зарур бўлади. 
Таъкидлаш керакки, инглизча “act” ибораси кўп маъноларни англатади, Бироқ, “ҳаракат” маъносида энг кўпроқ ишлатилади. Шу ўринда дастлаб, “ҳуқуқий акт” тушунчасига эътибор қаратиш зарур бўлади. Бинобарин, ушбу атама бир неча маъноларда ишлатилади: 
- ҳуқуқ субъектларининг хатти- ҳаракатлари, юриш-туриши маъносида;
-ҳуқуқ субъектининг ҳуқуқга мос хатти-ҳаракати натижаси сифатида; 
-юридик ҳужжат сифатида. 
Мазкур ибора учинчи ҳолатда, яъни “ҳуқуқий ҳужжат” маъносида юридик адабиёт ва юридик амалиётда кўпроқ қўлланилади. Айнан шу маънода ишлатилганда шакл ва мазмун бирлигини кўриш мумкин бўлади. Чунки бунда қилинган ҳаракат ўзининг сўзли - ҳужжатли ифодасини топади. 
С.С.Алексеев таъкидлаганидек, айнан шу ҳолатда ушбу ибора ҳуқуқий тизимнинг юридик нормалар, индивидуал амр, қоидалар ва шахсларнинг индивидуал қарорлари каби мазмуний элементларини вужудга келиши ва амал қилишининг ташқи юридик ифодаси сифатида намоён бўлади.
Шунга асосан қуйида “Суд ҳужжатлари нима ўзи” деган саволга жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Суд ҳужжатлари қонун талаблари асосида низоли иш бўйича ҳуқуқи бузилган тарафларнинг манфаатлари химоясини таъминлашга қаратилган индивидуал аниқ ҳужжатдир. 
Суд ҳужжати доимо муайян юридик оқибат вужудга келтирадиган юридик ҳужжатдир. Суд қарорида, албатга, низоли иш қонунда ва процессуал қонунчиликда белгилаб қўйилган асос ва тартибда кўриб чиқилиб, тегишли қарор ўз ифодасини топиши керак. Айни пайтда Ўзбекистан Республикаси Конституциясининг 114–моддасида мустаҳкамланганидек, “Суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир”. 
Суд ҳужжатлари бу тегишли судларда қонун талаблари асосида жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ишларни моҳиятан кўриш натижасида қабул қилинадиган ҳуқуқни қўллаш ҳужжатидир.
 Суд ҳужжатлари давлат ҳокимияти тармоғи бўлган суд ҳокимиятининг органи - судлар томонидан қабул қилинганлиги сабабли алоҳида мақомга эга бўлади. Зотан, суд ҳокимияти унга Конституция ва қонунлар орқали юкланган вазифа - олий судловни ўз ҳужжатлари асосида амалга оширади.
Таъкидлаш керакки, суд ҳужжатида шартли равишда икки жиҳатни: ички ва ташқи жиҳатларни ажратиш мумкин. Суд ҳужжатининг ички жиҳати шунда ўз ифодасини топадики, суд муайян юридик ишни кўриб чиқишда ақлий - иродавий ҳаракатлар содир этади, тегишли ҳуқуқий норманинг мазмунини ва ҳаракат доирасини аниқлаб олади, ишдаги ҳолатларни ўрганиб, тегишли ҳуқуқий норма асосида уларни таснифлайди ва шу аснода қарор қабул қилади. 
Суд ҳужжатининг ташқи жиҳати суднинг ақлий-иродавий ҳаракатлари натижасининг объектив ифода этишга қаратилган амалий ҳаракатларида кўринади. 
Айни пайтда ақлий - иродавий ҳаракат билан амалий ҳаракатлар ўзаро узвий боғлиқликда бўлади. Процессуал қонунчиликда назарда тутилган айрим ҳолатлардан ташқари, аксари ҳолларда суднинг ақлий-иродавий   хатти- ҳаракатлари юридик ҳужжатда ўзининг ифодасини топади. Маълумки, суд ҳужжатлари бу процессуал қонунчиликка асосланган ҳолда қабул қилинадиган процессуал ҳужжатдир. Суд ҳужжатини умумий тарзда шундай тавсифлаш мумкин: суд ҳужжати бу амалдаги процессуал қонунчилик билан тартибга солинган суд фаолиятининг ташқи ҳуқуқий ифодаланиш шакли. 
Илмий адабиётда “суд ҳужжатлари”, “суд қарорлари” атамалари ишлатилади. 
Айни пайтда, айрим ҳолларда, “суд ҳокимияти ҳужжатлари” деган атама ҳам қўлланилади. Шу ўринда суд ҳокимияти судьялар ва қонуний асосларда жалб этилган ҳалк маслахатчилари томонидан амалга оширилишини эътиборга оладиган бўлсак, бу икки атамани синоним сифатида эътироф этиш мумкин бўлади. Бироқ шунга қарамай, бизнингча, “суд ҳокимият ҳужжатлари” атамасига кўра “суд ҳужжатлари” атамаларидан фойдаланиш мақсадга мувофик. Чунки “суд ҳокимияти” тушунчаси оддий суд органлари тизимидан кенгроқ тушунча. Юқорида ҳам кўрсатиб ўтилганидек, суд ҳужжатлари ҳуқуқий тартибга солишда тутган ўрни ва аҳамиятига кўра: 
а) суднинг ҳуқуқни қўллаш ҳужжатлари; 
б) суднинг шарҳлаш ҳужжатларига ажратилади. 
Суд ҳуқуқни қўллаш ҳужжатлари умуман юридик индивидуал ҳужжатларнинг бир кўриниши бўлиб, улар аниқ ва конкрет вазиятга тадбиқ этилади ва аниқ бир ижтимоий - ҳуқуқий низони ҳал этишга қаратилади ва аниқ шахсга нисбатан қўлланилади, унинг чиқарилишига ишнинг ҳолатлари ва тегишли ҳуқуқ нормалари асос бўлиб хизмат килади, шу тариқа у конкрет ижтимоий муносабатни тартибга солади. Шунга боғлиқ ҳолда, унинг ҳам мазмуни ҳам оқибатлари индивидуал мазмунга эга бўлади. 
Юқоридагиларга асосланган ҳолда, суд ҳужжатига муаллифлик таърифини шакллантириш мумкин: “Суд ҳужжати бу - ваколатли шахслар томонидан кўзғатилган аниқ юридик иш юзасидан процессуал қонунчилик нормаларига мувофиқ шаклда чиқариладиган ва ўзида давлат - ҳокимона амр - иродани ифодалайдиган ҳамда ижтимоий муносабатларни индивидуал - якка тартибда ҳал этишга қаратилган суднинг расмий қароридир”.
Ҳақиқатан, суд қарор қабул қилгунга қадар ҳам тегишли нормаларга асосланиб фаолият олиб боради, яъни ҳуқуқни қўллайди, у бир жараён сифатида кечади ва бу жараён натижаси, якуни сифатида кейин суд қарор қабул қилади ва бу қарорида давлатона ирода – амр ўзининг ифодасини топади. Бу амр, албатга, индивидуал тусда бўлади. Шу тариқа суд қарори – бу судларнинг мураккаб ва кўп босқичли ҳуқуқни қўллаш жараёнининг охирги босқичи, унинг якуни ҳисобланади.
Суд қарорини – ҳужжат сифатида қуйидагича тавсифлаш мумкин: ижтимоий муносабатларни индивидуал тарзда тартибга солишга қаратилган индивидуал амрнинг процессуал нормалар билан белгиланган матнли – ҳужжатлашган ташқи ифодаланиш шакли. 
Суд ҳужжатлари ичида юридик ишларни мазмунан ҳал этадиган ҳужжатлар, суднинг ҳал қилув қарори, хукм, қарор кабилар алохида ўрин тутади. Шу билан бир қаторда судда юридик ишнинг мазмунан кўриб чиқиб, ҳал этилишига кўмаклашадиган ҳужжатлар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг ичида энг мухими бу - ажримдир. Одатда ажрим чиқариш йўли билан процессуал тусдаги масалалар ҳал этилади. 
Ишнинг мазмунан ҳал этилишини белгилайдиган суд ҳужжатлари, яъни ҳал килув қарори, хукм ва қарорлар чиқариш орқали судлар ўзларига юклатилган вазифаларни бажаришади ва давлат - ҳуқуқий ваколатларини амалга оширадилар. 
Бундай суд ҳужжатлари анча мураккаб ички тузилишга эга бўлиб, кириш қисми, баён қисми, асослантирувчи қисм ва қарор қисмидан иборат бўлади. Суд ҳужжатининг кириш қисмида суд ҳужжатини қабул қилган жой ва сана, қабул қилган суднинг номи ва таркиби, низо предмети, суд мухокамаси иштирокчилари кўрсатилади. Баён  қисмда эса, ишни қўзғатишга асослар ва унда кўрсатилган талаблар, эътирозлар, ишда қатнашаётганларнинг илтимослари, иш юзасидан фактлар кўрсатилади. 
Асослантирувчи қисмда эса суд томонидан аниқланган ҳолатлар ва далилларни қабул қилиш ёки рад этишга асос бўлган ҳолатлар ҳамда тегишли ҳуқуқ нормасини қўллашга ва қарор қабул қилишни асослантирувчи хулосалар кўрсатилади. 
Суд ҳужжатининг қарор қисмида якуний хулоса - суд қарори баён этилади ва суд қарорининг оқибатлари кўрсатилади. Шу ўринда, суд ҳужжатининг фақат қарор қисми ҳал килувчи аҳамиятга эга экан, деган хулосага келмаслик керак, чунки унинг ҳаракати ва кучи барча қисмларнинг узвий боғлиқлиги натижасида рўёбга чиқади. 
Суднинг ҳуқуқни қўллаш ҳужжатлари сирасига процессуал қонунчиликда назарда тутилган суд буйруқларини киритиш мумкин. Ушбу суд ҳужжатининг бошқаларидан фарқи унинг бир вақтнинг ўзида ижро ҳужжати ҳам эканлигида ифодаланади. Суд томонидан қабул қилинадиган қарор, ажримлар қонуний, асослантирилган бўлиши керак. Суд қарорларининг қонунийлиги унинг моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларига мувофиқлигини англатади. Асосланганлиги эса суд ўз қарорини чиқаришда суд мажлисида муҳокама этилган материалларга асосланади ва ўз хулосаларини тахминларга эмас, балки тўпланган ва текширилган далилларга таянган ҳолда чиқаради. 
Суд қарорининг мотивацияланганлиги эса, суд нима учун айнан шу қарорга келди, нимага бошқача қарор қабул қилмади, нимага ушбу далилларни қабул килди? каби саволларга аниқ жавоб бериши керак.
Шу ўринда суд ҳужжатининг “қонуний кучи” деган иборага эътибор қаратиш зарур. Ушбу атама суд ҳужжатларининг мажбурийлиги, инкор этиб бўлмаслиги, преюдициаллиги ва бажарилиши зарурлиги каби жиҳатларини ўзида ифодалайди.
 
 
Урганч туманлараро маьмурий суди судьяси                                                                Б.Т.Самиев

Xorazm viloyati Yuridik Texnikumi

Bog'lanish ma'lumotlari

O'zbekiston Respublikasi, Xorazm viloyati
Urganch tumani, Fayozov ko'chasi, 1-uy

+998 (62) 229-28-35
xoryuridiktexnikum@umail.uz

Dushanba – Juma / 9:00 – 18:00

Ijtimoiy tarmoqlardagi sahifalarimiz

Talabalar uchun resurslar

Ommabop xabarlar

Huquqiy targ'ibot
Xorazm viloyati yuridik texnikumida "Kitob mening do‘stim” ko‘rik-tanlovining texnikum bosqichi bo'lib o'tdi
Huquqiy targ'ibot
"IDROK" - INTELLEKTUAL O'YININING TEXNIKUM BOSQICHI!